Загрузка
Загрузка
"Эзгулик" раҳбари банк сирига оид қонун лойиҳасини танқид қилди
Жамият

"Эзгулик" раҳбари банк сирига оид қонун лойиҳасини танқид қилди

23
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Солиқ қўмитаси ва Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган, банкларга жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатлари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига электрон шаклда тақдим этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кескин танқид қилди.

Унинг фикрича, ташаббус банк сири тушунчасини амалда йўққа чиқариши ва фуқароларнинг давлат ҳамда банк тизимига бўлган ишончини сусайтириши мумкин.

Абдураҳмон Ташанов 2023 йилда Марказий банкнинг собиқ раиси Мамаризо Нурмуродов ҳам P2P ўтказмаларини назорат қилиш ташаббуси муҳокамаси давомида жамоатчилик қабул қилмайдиган қарорлар тўғри эмаслигини таъкидлаганини эслаган. Унинг сўзларига кўра, банк сирига аралашиш аҳолини маблағларини яна нақд шаклда сақлашга ундаши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячиси мазкур масаланинг яна кун тартибига чиқарилганидан хавотир билдириб, жамоатчилик фаол муносабат билдирмаса, қонун лойиҳаси парламентдан қабул қилиниши мумкинлигини айтган. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатда банк сири институтининг мазмуни деярли йўқолади.

Ташанов мисол тариқасида, агар фуқаронинг банк картасига бир ой давомида танишларидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ортиқ маблағ келиб тушса, у солиқ органлари эътиборига тушишини қайд этган. Унинг фикрича, шахсий молиявий маълумотларга фақат қонунчиликда белгиланган тартибда ва тегишли санкция мавжуд бўлган ҳолдагина мурожаат қилиниши лозим.

Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси қонун лойиҳаси "Банк сири тўғрисида"ги қонун ҳамда Конституция нормаларига зид бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. У давлат сўнгги йилларда аҳолини нақд пулдан банк карталарига ўтишга рағбатлантирганини эслатиб, янги ташаббуслар аксинча ишончни пасайтириши мумкинлигини билдирган.

Қонун лойиҳаси ҳозирча муҳокама босқичида бўлиб, унинг юзасидан турли экспертлар ва мутахассислар ўртасида баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Айримлар ташаббусни яширин иқтисодиётга қарши курашиш воситаси сифатида баҳоласа, бошқалар уни банк сири ва фуқароларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлиги нуқтаи назаридан танқид қилмоқда.

Аввалроқ Солиқ қўмитаси банклар ва солиқ органлари ўртасида ахборот алмашинувига оид лойиҳа бўйича юзага келган муҳокамаларга расмий муносабат билдирганди. Қўмитанинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа фақатгина солиқ назорати учун зарур бўлган ахборотни тақдим этишнинг техник тартиби, муддатлари ва электрон шаклларини белгилашни кўзда тутади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...