Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахтимизда қарийб 150 миллион доллар эвазига замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этилади. Муассаса халқаро тоифадаги 300 та ўринга мўлжалланган бўлиб, йилига 8,5 минг тагача юқори технологик операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Лойиҳа доирасида 700 дан ортиқ мутахассис иш билан таъминланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома вазирлик раҳбари ва қурилишнинг бош пудратчиси томонидан танланган Kyeryong консорциуми вакили ўртасида имзоланган. Лойиҳани амалга оширишда Корея Эксимбанки кўмагида Жанубий Кореянинг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) иштирок этмоқда.
Лойиҳанинг умумий қиймати 149,8 миллион долларни ташкил этади. Шундан 124 миллиони EDCF орқали кредитлар шаклида тақдим этилади, 25,8 миллиони эса Ўзбекистон томонидан киритилади.
Марказ кардиохирургия, трансплантология, нейрохирургия, реабилитация, умуртқа поғонаси ва бўғимларни даволаш йўналишлари бўйича беморларни қабул қилади.
Тиббиёт даражасини ошириш мақсадида 130 нафар ўзбекистонлик тиббиёт ходимини Жанубий Кореяда ўқитиш кўзда тутилган. Шунингдек, тажриба алмашиш ва илғор технологияларни жорий этиш учун 32 нафар юқори малакали кореялик мутахассис юртимизга келади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли лойиҳа - Ядро тиббиёти маркази амалга оширилмоқда. У ҳар йили минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган онкологик касалликларга қарши курашда асосий бўғинга айланади.

Изоҳлар мавжуд емас