Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Исроил Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Идит Силман Нил тимсоҳини кўпайтириладиган ёввойи ҳайвон деб эълон қилгани Қамоқхоналар бошқармасига фаластинлик маҳбуслар сақланаётган муассасаларни қўриқлашда ушбу жонзотлардан фойдаланиш имконини яратгди.
Бироқ Euronews тарқатган хабарга кўра, мазкур қарорга вазирликнинг ўз ҳуқуқшуноси ҳамда Табиат ва миллий парклар бошқармаси кескин эътироз билдириб, ёввойи жонзотларни фақат илмий ва маърифий мақсадларда сақлаш мумкинлигини эслатган.
Айтиш жоизки, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ўтган йилнинг декабрь ойида маҳбусларни тимсоҳлар ёрдамида назорат қилиш ташаббусини илгари суриб, бу борада Америка қитъаси тажрибасига таянганини даъво қилган, аммо мутахассислар бундай амалиёт ҳеч қачон мунтазам тус олмаганини таъкидлашган.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тель-Авивнинг фаластинликларни айбловсиз ҳибсда сақлаш сиёсатини, айниқса 2023 йилнинг кузидан буён янада кучайганини шафқатсизларча танқид остига олишмоқда.
Дарҳақиқат, BBC манбаларига кўра, Ғарбий Соҳилдаги деярли ҳар бир оила вакили Исроил қамоқхоналарида ўтириб чиққан бўлиб, маҳбусларнинг ички ҳудудларга жойлаштирилиши оқибатида яқинлари улардан умуман хабар ололмайди.
Таъкидлаш жоиз, БМТ маълумотларига кўра, 1967 йилдан буён 800 мингдан ортиқ фаластинлик асоссиз ёки арзимас шубҳа билан ушланган ва халқаро тузилманинг махсус маърузачиси Франческа Албанезе бу аҳволни "очиқ осмон остидаги қамоқхона" деб атаган.
Қолаверса, ҳибсга олинганлар орасида болаларнинг кўплиги ҳамда Amnesty International вакилларининг Негев чўлидаги Сде-Тейман каби тутқунгоҳлардаги қийноқлар, жисмоний ва жинсий зўравонликлар ҳақидаги далиллари жаҳон ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотмоқда.
Жорий йилнинг март ойида Кнессет томонидан терроризмда айбланганлар учун ўлим жазосини стандарт сифатида белгиловчи қонуннинг қабул қилиниши БМТ ва Европанинг етакчи давлатлари томонидан демократик тамойилларга зид ҳаракат сифатида кескин қораланди.
Олдинроқ март ойида Исроилда ўзбекистонлик мигрант ҳибсга олинди.

Изоҳлар мавжуд емас