Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий банк ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2026 йил июнь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 10,2 фоизни ташкил этди. Тадқиқотда 3 785 нафар респондент иштирок этган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилиб, пойтахт аҳолиси сезган инфляция 12,3 фоизга етган. Кейинги ўринларда Андижон (12,2 фоиз), Фарғона (11,1 фоиз), Самарқанд (10,7 фоиз), Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари (10,4 фоиздан) жойлашган.
Энг паст кўрсаткичлар эса Хоразм (8,5 фоиз), Наманган (9 фоиз), Навоий (9,1 фоиз) ва Қашқадарё (9,4 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Сўров иштирокчиларининг 52 фоизи май–июнь ойларида энг катта нарх ошиши гўшт ва сут маҳсулотларида кузатилганини билдирган. Шунингдек, 38 фоиз респондент бензин ва ёқилғи, 31 фоизи эса электр энергияси ҳамда табиий газ тарифлари қимматлашганини қайд этган.
Тадқиқотга кўра, ойлик даромади 30 миллион сўмдан юқори бўлган аҳоли инфляцияни кўпроқ сезган — бу гуруҳда кўрсаткич 13,5 фоизни ташкил этган. Ойлик даромади 2 миллион сўмгача бўлганлар орасида эса сезилган инфляция 8 фоиз бўлган.
Касблар кесимида инфляцияни энг кўп маиший хизмат кўрсатиш, транспорт, қурилиш, тиббиёт ва давлат ташкилотлари ходимлари сезган. Энг паст кўрсаткич талабалар, туризм, банк-молия ҳамда савдо соҳаси вакиллари орасида қайд этилган.
Бироқ Статистика қўмитаси ёзнинг илк ойида мамлакатда нархларнинг умумий ўсиши ўтган ойга нисбатан 0,6 фоизни ташкил этани қайд этганди. Йиллик инфляция даражаси эса 6,4 фоизгача пасайган (таққослаш учун, 2025 йилнинг июнида бу кўрсаткич 8,7 фоиз бўлган). Агар бозорда тез-тез ўзгариб турадиган мева-сабзавотлар ҳисобдан чиқарилса, ойлик инфляция кўрсаткичи нақ 1,5 фоизга етган бўлар эди. Бу эса иқтисодиётнинг асосий тармоқларида жиддий қимматлашиш юз берганидан далолат беради.

Изоҳлар мавжуд емас