Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Терминлар комиссияси ўзбек тилининг илмий ва расмий услубларини бойитиш ҳамда миллий терминология тизимини шакллантириш мақсадида 41 та янги атамани расмий истеъмолга тасдиқлади.
Мазкур жараён турли фан ва фаолият соҳаларидаги хорижий ўзлаштирма сўзларни илмий асосда таҳлил қилиш, уларнинг миллий тил меъёрларига мос келувчи муқобилларини ишлаб чиқиш орқали амалга оширилган. Комиссиянинг қайд этишича, ушбу чора-тадбирлар давлат тилининг нуфузини ошириш, терминологияни бирхиллаштириш ва тил имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тасдиқланган рўйхатдан ўрин олган атамаларга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
-
Брекет — тишсим
-
Бренд — хосном
-
Датчик — сезгич
-
Дедлайн — сўнгмуддат
-
Миксер — қорғич
-
Суфлёр — шивирчи
-
Хештег — калитсўз
-
Хостел — қўноқуй
Янгиланган терминологик база эндиликда барча расмий ҳужжатлар ва иш юритиш жараёнларида белгиланган тартибда қўлланилади.
Олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштиришни назарда тутувчи янги қонун лойиҳаси қабул қилинди ва кўриб чиқиш учун Сенатга юборилганди. Мазкур ҳужжатга кўра, амалдаги алифбо таркибидаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси тизимидан воз кечилиб, ўзбек тилининг табиати ҳамда рақамлаштириш талабларига мос келувчи 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат янгиланган алифбо таркиби жорий этилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас