Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанднинг "Динамо" клуби ёзги трансфер ойнасида гвинеялик 23 ёшли қанот ҳужумчиси Амаду Думбуя билан шартнома имзолади. Европа майдонлари, оғир суд жараёнлари ва Қозоғистондаги муваффақиятлардан ўтган футболчининг фаолияти энди Суперлигада давом этади.
Амаду Думбуя 2002 йил 12 октябрда Гвинеянинг Киндиа шаҳрида туғилган. Камерундаги футбол академиясида таҳсил олгач, 2022 йилнинг мартида 19 ёшида Швециянинг "Жугарден" клубига синовга келади. Думбуя Швециядаги дебют мавсумидаёқ ажралиб турган ва УЕФА Конференция лигаси гуруҳ босқичида Норвегиянинг "Молде" жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, еврокубокларда гол уришга муваффақ бўлган.
Айни юксалиш палласида, 2026 йилнинг сентябрига келиб узил-кесил якунланган оғир суд жараёни футболчининг ҳаётини ўзгартириб юборган. 2022 йил октябрида Стокгольмда у зўрлаш гумони билан ҳибсга олинган эди. Бироқ ўша йилнинг ноябрь ойида суд уни зўрлаш айблови бўйича тўлиқ оқлаган ва фақат кичик миқдордаги гиёҳванд модда сақлагани учун жавобгарликка тортган. Апелляция инстанцияси ҳам ушбу оқлов ҳукмини ўз кучида қолдирди. Шунга қарамай, "Жугарден" 2023 йил бошида футболчи билан шартномани бекор қилди.
Швециядан сўнг Думбуянинг ишлари юришмаган. Россиянинг "Кубань" клубида бирорта расмий ўйин ўтказмаган, Болгариянинг "Ботев Пловдив" жамоасида эса жароҳатлар ва виза муаммолари сабабли бор-йўғи 1 та учрашувда майдонга тушган.
Футболчининг карьераси 2024 йил февралида, Қозоғистоннинг "Ақтўбе" клубига ўтганидан сўнг қайта тикланган. У ерда икки мавсум давомида 47 та ўйинда қатнашиб, 2 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилган. Энг муҳими, жамоа билан Қозоғистон кубогини қўлга киритган ва чемпионат бронза медалларига эга чиққан. 2026 йил январида "Ақтўбе" билан шартнома бекор қилинган.
2026 йил 8 июль куни Самарқанднинг "Динамо" клуби эркин агент мақомидаги Амаду Думбуя билан мавсум якунигача шартнома имзолаганини эълон қилган.
Ўнг қанот ҳужуми ва ярим ҳимояда ўйнай оладиган, тезкорлиги ҳамда голли узатмалари билан ажралиб турадиган 23 ёшли легионер учун Ўзбекистон чемпионати фаолиятидаги бешинчи хориж давлатига айланган.
Қизиқ жиҳати олдинроқ "Динамо" футбол клуби муқаддам вояга етмаган қизни зўрлагани учун судланган ганалик ярим ҳимоячи Кингсли Сарфо билан шартнома имзолаганди. 30 ёшли футболчи Дубайдаги йиғинга жамоа қароргоҳига етиб бориб, эркин агент мақомида бир йиллик шартнома имзолаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас