Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда банк омбудсмани институти жорий этилиши мумкин. Хизмат банклар ва тадбиркорлар ўртасидаги кўплаб низоларни судгача ҳал қилиш имконини беради.
Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
"Бугунги кунда банклар ва тадбиркорлар ўртасида низолар жуда кўп ва уларнинг деярли барчаси судгача боради. Аммо келажакда Омбудсман хизматининг жорий этилиши судга мурожаатлар сонини кескин камайтиради: Марказий банк дастлабки босқичда аралашиб, тушунтириш бериши мумкин бўлади. Буни банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги воситаси сифатида баҳолаш мумкин", - деди Турдиалиев.
Аввалроқ Ўзбекистонда молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил механизм - молиявий омбудсман институтини яратиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Омбудсман институтидан ташқари, Марказий банк Ислом молияси бўйича кенгаш тузмоқчи. Унинг вазифаси мамлакатда ҳали амалий тажрибага эга мутахассислар кам бўлган соҳада хато ва тушунмовчиликларнинг олдини олишдир.
Эслатиб ўтамизки, 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ислом банки тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. У "муқобил молиявий хизматларни яратиш ва улардан аҳолининг кенг қатламлари учун фойдаланиш имкониятини ошириш"га қаратилган.
Мутахассис Batafsil.uzга Ўзбекистонга исломий банкинг нима учун кераклиги ва у оддий сартарош учун фойдали бўлиши ҳақида гапириб берди.

Изоҳлар мавжуд емас