Ўзбекистон ун экспорти бўйича Қозоғистонни ортда қолдириб, дунёда иккинчи ўринга кўтарилди
Иқтисод

Ўзбекистон ун экспорти бўйича Қозоғистонни ортда қолдириб, дунёда иккинчи ўринга кўтарилди

101

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон жаҳон бозорида ун экспорт қилувчи етакчи давлатлар рейтингида Қозоғистонни суриб чиқариб, иккинчи поғонани эгаллаган. Қозоғистон Дон қайта ишловчилар иттифоқи таъсисчилар кенгаши раиси Евгений Ганнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Қозоғистон ғалласини қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот экспортини кескин оширишга муваффақ бўлган.

Статистик маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг жами буғдой экспорти 9 миллион тоннага етган бўлса, шундан 5 миллион тоннаси (тахминан 55 фоизи) Ўзбекистон томонидан сотиб олинган. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг ўз ун экспорти 1,9 миллион тонна даражасида сақланиб қолган ва Афғонистон, Тожикистон каби анъанавий бозорларда пасайиш кузатилган. Ўзбекистонда эса дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари экспорти бирданига 40,4 фоизга ўсган.

Мутахассисларнинг фикрича, Қозоғистон борган сари хом ашё етказиб берувчи давлат даражасига тушиб қолмоқда, Ўзбекистон эса қўшни давлат буғдойини қайта ишлаб, тайёр ун сифатида Афғонистон ва бошқа минтақавий бозорларга сотиш орқали юқори қўшимча қиймат яратмоқда. Бу вазият Қозоғистон ички бозорида хавотир уйғотмоқда, чунки аввалроқ Қозоғистон Савдо вазирлиги томонидан эълон қилинган АҚШ бозорини "забт этиш" каби режалар амалда ўзини оқламаган.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг донни қайта ишлаш қувватларини модернизация қилиши ва қулай логистика имкониятларидан фойдаланиши уни халқаро ун савдосининг асосий иштирокчиларидан бирига айлантирган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабрь ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўлдаги коллапсда 11 мингга яқин юкланган вагонлар туриб қолганди. Ўшанда уларнинг ярмидан кўпи дон билан тўлдирилгани ҳақида маълумот берган эдик.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...