Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Минскда музокара ўтказди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш чораларини кўришга келишиб олдилар.
Музокаралар тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида бўлиб ўтди. Учрашув аввалида Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистон-Беларусь муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра қарийб 1 миллиард долларга етди. Жорий йил бошидан буён унинг ҳажми яна 30 фоизга ошди. Ҳозир икки мамлакатда 360 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Етакчилар қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда янги кооперация лойиҳаларини ҳам муҳокама қилдилар. Томонлар тинч атом ва тегишли инфратузилмани қуриш соҳасида тажриба алмашишга алоҳида қизиқиш билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Беларусь йил охиригача қўшма туризм, тиббиёт ва таълим форумларини ўтказишга келишиб олди. Шавкат Мирзиёев Лукашенкони Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Минскда Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга ташрифининг расмий қисми бошланган эди. Мустақиллик саройида Ўзбекистон президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, шундан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.

Изоҳлар мавжуд емас