Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг дастлабки олти ойи якунларига кўра, Ўзбекистоннинг энергетика тизимида ички имкониятлар ҳисобидан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада ўсган. Шунга қарамай, мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли эҳтиёжларининг ортиб бориши, шунингдек, тизимдаги мавсумий юкламаларни мувозанатлаштириш мақсадида Тожикистондан электр энергияси сотиб олиш давом эттирилган.
Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда жами 45 миллиард 451,8 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даври билан солиштирганда қарийб 3 миллиард киловатт соатга ёки 7,1 фоизга кўп демакдир. Айни шу даврда республика ичидаги умумий истеъмол ҳам 4,7 фоизга ошиб, 44 миллиард 42,9 миллион киловатт соатни ташкил этган. Айниқса, ёзнинг иссиқ палласи бошланган июнь ойида ички ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 13,5 фоизга, истеъмол эса 8,6 фоизга кескин ўсган.
Гарчи Ўзбекистоннинг ўз кучи билан ишлаб чиқарган энергетика ҳажми соф ички истеъмолдан бироз юқори бўлса-да, қўшни Тожикистондан мавсумий харидлар тўхтагани йўқ. Тожикистон Энергетика вазирлигининг ҳисоботига таянилса, ушбу мамлакат йилнинг биринчи ярмида хорижга жами 1 миллиард 45,1 миллион киловатт соат электр энергияси экспорт қилган бўлиб, бунинг 338,9 миллион киловатт соати айнан Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Тожикистон экспортининг қолган катта қисми — 702,7 миллион киловатт соати эса Афғонистонга йўналтирилган.
Бу галги импорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга камроқ бўлиши Тожикистон дарёларида сув сатҳи ва ички ишлаб чиқаришнинг 1,3 фоизга пасайгани билан изоҳланади. Бундан ташқари, Тожикистон экспортининг қарийб 90 фоизи дарёлар сувга тўлиб, гидроэлектр станциялари тўлиқ қувватда ишлаган даврга, яъни апрель-июнь ойларига тўғри келган. Бу эса Ўзбекистон ички ишлаб чиқаришни кескин оширганига қарамай, мавсумий эҳтиёжларни барқарор таъминлаш учун минтақавий энергетика ҳамкорлигидан ҳамон фойдаланаётганини кўрсатади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун давлат бюджетидан навбатдаги йирик маблағлар ажратилмоқда. Солиқ қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, 2026 йилнинг апрель–май ойлари якунлари бўйича мамлакат миқёсида жами 60 193 нафар жисмоний шахс "Қуёшли хонадон" дастури доирасида субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас