Загрузка
Загрузка
Зангиотада МИБ томонидан тикув цехини бузиш давомида қарздорнинг синглиси кўрпаларни ёқиб юборди
Ҳодисалар

Зангиотада МИБ томонидан тикув цехини бузиш давомида қарздорнинг синглиси кўрпаларни ёқиб юборди

21
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ижтимоий тармоқларда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Зангиота туман бўлими ходимлари томонидан тикув цехи сифатида фойдаланиб келинган бинонинг бузилиши ва у ерда ёнғин чиқиши акс этган видеолар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Расмий маълумотлар ва воқеа жойидан олинган суриштирувлар ушбу ҳолатнинг асл тафсилотларини ойдинлаштирди.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2020 йил 2 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан, фуқаро Турсуной Шукурова томонидан "Эшонгузар" қўрғонидан ўтувчи Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг (ТХАЙ) муҳофаза минтақасида қурилган 100,1 квадрат метрдан иборат тикув цехи ноқонуний деб топилган ва уни қарздорнинг ўз ҳисобидан бузиб ташлаш белгиланган. МИБ ходимлари томонидан бир ой давомида тумандаги 300 га яқин шу каби ноқонуний қурилмалар хатловдан ўтказилиб, фуқароларга огоҳлантиришлар берилган. Жумладан, Т.Шукурова ҳам бинони ихтиёрий равишда бўшатиш ва бузиш ҳақида бир неча бор огоҳлантирилган, аммо у ушбу талабларни бажаришдан бўйин товлаб келган.

2026 йилнинг 20 июнь куни давлат ижрочилари бинога келишганида, Т.Шукурованинг ўзи бўлмагани сабабли унинг ишчиси Розия Ачилова орқали телефон орқали боғланиб, ноқонуний қурилмани уч кун ичида бузиб олиш, акс ҳолда мажбурий тартибда бузилиш чоралари кўрилиши ҳақида такроран расмий огоҳлантириш беришган. Орадан 17 кун ўтиб, 2026 йил 8 июль куни МИБ ходимлари ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида манзилга етиб боришганда, фуқаролар томонидан фаол қаршилик кўрсатиш ҳолатлари бошланган.

Ижро ҳаракатлари давомида фуқаро Т.Шукурова ўзининг фақат тикишни билишини, юридик ҳужжатлардан хабари йўқлигини ва суд қарорини очиб ўқий олмаганини ваъж қилиб, Президентнинг камбағалликни қисқартиришга оид қарорларини рўкач қилган ҳолда бинонинг бузилишига норозилик билдирган. Ижрочилар эса суд қарори рақами ва барча асослар аввалроқ Телеграм тармоғи орқали унга ташлаб берилганини, норозилик бўлса судга апелляция тартибида мурожаат қилиш зарурлигини тушунтиришган. Юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида жараёнга жамоат хавфсизлиги ва тез тиббий ёрдам ходимлари ҳам жалб этилган.

Давлат ижрочилари томонидан цех ичидаги барча мол-мулклар, жумладан, Т.Шукуровага тегишли бўлган кўплаб кўрпа-тўшаклар ва тикув жиҳозлари бинодан хавфсиз жойга — уйнинг орқа томонидаги бостирма (навес) остига чиқариб қўйилган. Бироқ, ижро ҳаракатларини тўхтатиш ва ижрочиларга босим ўтказиш мақсадида қарздор Т.Шукурованинг синглиси ишчилар ва ходимларнинг бошқа одамларни тинчлантириш билан банд бўлганидан фойдаланиб, орқа томондан ўтган ва чиқариб қўйилган кўрпаларга атайлаб ўт қўйиб, ёнғин содир этган. Ушбу ўт қўйиш ҳолати яқин атрофдаги кўп қаватли уйларга ва аҳолига зиён етказиш хавфини туғдирган.

Воқеа жойида бўлган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги тезкор ходимлари ўз вақтида ва профессионал тарзда ҳаракат қилиб, алангани тез фурсатда бартараф этишган. Ёнғин оқибатида тикув цехи биносига ёки атрофдаги аҳоли хонадонларига зарар етмаган, фақатгина ёнаётган буюмларнинг тутуни ичкарига кирган. Ёнғин хавфи тўлиқ бартараф этилгач, жалб қилинган махсус техникалар ёрдамида куйган буюмлар ташқарига олиб чиқилган ва ноқонуний қурилма тўлиқ бузилиб, суд қарори ижроси таъминланган.

Мажбурий ижро бюроси воқеа жараёни бошидан охиригача тўлиқ видеотасвирга олинганини ва ижтимоий тармоқларда тарқалган "МИБ ходимлари бинони ёқиб юборди" мазмунидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган. Ижро ҳаракатлари давомида фуқароларга ҳеч қандай тан жароҳати етказилмаган. Ҳозирда мазкур атайлаб ўт қўйиш ҳолати бўйича ёнғин хавфсизлиги органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.





Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...