Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди. Бу билан Тошкент ва Минск ўртасидаги алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Давлат раҳбарлари ҳузурида икки томонлама ҳамкорликни кенг қамровли ривожлантиришга қаратилган, иқтисодиёт, миграция, қишлоқ хўжалиги ва илм-фан соҳаларини қамраб олган 14 та муҳим ҳужжат алмашилган.
Жумладан, савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳамда агросaноат мажмуидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича янги "йўл харитаси" тасдиқланган. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Беларусь ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятига ташкилий асосда жалб этиш тўғрисидаги битим ҳамда фуқароларнинг ўзаро қатновларига оид ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ҳақидаги баённома имзоланган.
Бундан ташқари, икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида ташқи сиёсий маслаҳатлашувлар, ўрмон хўжалиги, маданият, туризм, фавқулодда вазиятлар ҳамда енгил саноат соҳаларида ҳамкорлик дастурлари қабул қилинган. Молия ва ижтимоий ҳимоя тизимлари ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланган бўлса, илмий-тадқиқот соҳасида икки давлат Фанлар академиялари келишувга эришди ҳамда Ўзбекистон–Беларусь экспертлар кенгаши таъсис этилган.
Бундан олдин томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш чораларини кўришга келишиб олгандилар.

Изоҳлар мавжуд емас