Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Келгуси ўн йилда Ўзбекистон хорижий ҳамкорлар билан умумий қиймати 450 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Президент раислигида ўтказилган йиғилишда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, электротехника саноатини кенгайтириш ва маҳаллий маиший техника ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, бу лойиҳалар электротехника маҳсулотлари учун улкан ва узоқ муддатли бозорни шакллантиради. Электротехника саноати учун муҳим хомашё ҳисобланган мис ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳам режалаштирилган.
Жорий йилда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилган. Ушбу лойиҳа ҳисобига мис ишлаб чиқариш ҳажмини 300 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, маҳаллий маиший техника савдосини рағбатлантириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги молиявий механизм жорий этилади.
Унга кўра, тижорат банклари мамлакатда ишлаб чиқарилган музлаткич, кир ювиш машинаси, кондиционер ва бошқа маиший техника воситаларини харид қилиш учун йиллик 18 фоиз ставкада истеъмол кредитлари ажратиши режалаштирилмоқда.
Бу орқали аҳолининг замонавий маиший техника харид қилиш имкониятлари кенгайиши, шу билан бирга, маҳаллий корхоналар маҳсулотлари савдоси ошиши кутилмоқда.
Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда тегишли ҳисоб-китобларни тайёрлаш ва тижорат банкларига ушбу мақсадлар учун арзон молиявий ресурслар ажратиш бўйича аниқ таклиф киритиш топширилган.
Ўзбекистонда мис ва муҳим минераллар захиралари, салоҳиятли ёшлар, тажрибали тадбиркорлар ҳамда ҳамкорликка тайёр инвесторлар мавжудлиги таъкидланган.
Олдинроқ Президент иштирокидаги йиғилишда ўтган йили мамлакатга 9 мингта банкомат импорт қилингани ва бунинг учун 50 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлангани маълум қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас