Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2027 йилдан Россиянинг саккизта ҳудудида хорижий ишчиларнинг такси соҳасида меҳнат қилишига чеклов жорий этиш режалаштирилмоқда. Курьерлик фаолияти бўйича эса бундай чеклов Калуга вилоятида белгиланиши мумкин.
Маълумотларга кўра, такси соҳасидаги чеклов Мордовия, Чувашия, Татарстан, Удмуртия, Свердловск, Оренбург, Ульяновск вилоятлари ҳамда Еврей автоном вилоятида амал қилиши режалаштирилган.
Қарор лойиҳаси Россия Меҳнат вазирлиги томонидан тайёрланган ва октябрь ойи охирида Россия уч томонлама комиссиясида маъқулланган. Энди ҳужжатни бош вазир имзолаши керак.
Бундан олдин Россияда "Адолатли Россия" партияси раиси Сергей Миронов мигрантларнинг ижтимоий соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва такси хизматларида ишлашини тақиқлашни таклиф қилганди.
Мордовияда такси соҳасидаги чеклов мигрантлар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари статистикаси билан асосланган.
Маълумот учун, 2024–2025 йилларда ҳудудда хорижий фуқаролар иштирокида 24 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, уларнинг олтитаси ўлим билан якунланган.
Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йил 22 сентябрда эълон қилган маълумотида ҳам 2027 йил учун хорижий ишчилар улушини тартибга солишга қаратилган қарор лойиҳаси тайёрланганини билдирган.
Унда саккизта ҳудудда айрим иқтисодий фаолият турлари бўйича чекловлар биринчи марта жорий этилиши айтилган. Вазирликка кўра, мигрантларнинг рухсат этилган улуши ҳар бир соҳа бўйича белгиланади ва иш берувчилар учун мажбурий ҳисобланади.

Изоҳлар мавжуд емас