Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Қозоғистон билан мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 42 тадан 60 тагача, Хитой билан эса 100 тадан 114 тагача ошириш бўйича келишувга эришди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги бошқа йўналишларда ҳам парвозлар сони кўпайтирилади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё — Хитой (C5+1) фуқаро авиацияси бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи йиғилишида маълум қилинди.
3–5 ноябрь кунлари ўтказилган анжуманда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари музокаралари натижасида Тошкент — Олмаота ва Тошкент — Остона йўналишларининг ҳар бирида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 42 тадан 60 тагача оширишга келишилди. Қолган барча йўналишларда эса парвозлар сони ҳафтасига 14 тадан 20 тагача кўпайтирилади.
Хитой билан музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 100 тадан 114 тагача ошириш ҳуқуқи берилган. Эришилган келишувларни мустаҳкамлаш учун тегишли ҳужжатлар имзоланган.
Анжуман давомида мамлакатлар ўртасидаги авиация ҳамкорлигини ривожлантириш, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш ва авиация инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Шунингдек, "Ҳаво ипак йўли"ни биргаликда барпо этиш, соҳада замонавий ва экологик технологияларни жорий қилиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратилган.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги, тўртинчи йиғилиши 2027 йилда Қирғизистонда ўтказилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 декабрь куни Тошкент ва Маврикий ўртасида илк бор тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилади. Янги йўналишнинг очилиши ҳақида Ўзбекистон ва Маврикий туризм бизнеси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган икки томонлама очиқ мулоқот чоғида маълум қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас