Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда аёлга нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатган шахс Тожикистонда 15 суткага маъмурий қамоққа олинди. Маълум бўлишича, у Ўзбекистон фуқароси эмас. Ҳолатга Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари аралашганидан сўнг аёл уларга миннатдорчилик билдирган, эркак эса қилган хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда аёлнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, жинсий мазмундаги ҳақоратлар акс этган аудиоёзув тарқалганди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ва Саида Мирзиёевага мурожаат қилинган.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Спитамен туманида яшовчи, 36 ёшли Қодир Муин Instagram ижтимоий тармоғидаги ABDULLA777566 саҳифаси орқали 400 дан ортиқ ҳақоратомуз ва туҳмат мазмунидаги материалларни тарқатган. У аввал ҳам бир нечта жиноий модда бўйича жавобгарликка тортилган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 460-моддаси бўйича чора кўрилган. Суд қарори билан у 15 суткага маъмурий қамоққа олинган.
Воқеадан сўнг аёл Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва вазирлик ходимларига мурожаат қилиб, унинг шикоятини эшитгани учун миннатдорчилик билдирган. У видеомурожаатида эркакнинг 15 суткага қамалганини ҳам қайд этган.
Шунингдек, тарқатилган видеода эркак ҳам чиқиш қилиб, Instagram саҳифасида цензура талабларига тўғри келмайдиган сўзларни ишлатгани учун узр сўраган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилганини ва бундан буён Тожикистон қонунларига риоя қилишини билдирган.

Изоҳлар мавжуд емас