Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Блогер Севара Усманова (инстаграммдаги тахаллуси sevars.life) Акмал Мирзо томонидан ўзига нисбатан таҳдидлар бўлганини маълум қилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради. Унинг айтишича, Акмал Мирзо ундан омма олдида кечирим сўрашни талаб қилган ва акс ҳолда унинг ҳамда бошқа блогерларнинг обрўсига путур етказиш билан таҳдид қилган. Блогер ушбу ҳолат бўйича далиллар судга тақдим этилганини билдирган.
Севара ижтимоий тармоқлардаги мурожаатида Акмал Мирзо унга Telegram орқали таҳдидли мазмундаги хабарлар юборганини айтган. Унда блогердан кечирим сўраб пост жойлаштириш талаб қилинган. Акс ҳолда, унинг сўзларига кўра, бошқа блогер қизлар ҳам бу можародан зарар кўриши мумкинлиги айтилган.
Севара ҳеч кимнинг шахсиятига тегмагани ва ҳақорат қилмаганини таъкидлаб, бундай таҳдидлар унинг хавфсизлиги, соғлиғи ва ҳаёти борасида жиддий хавотир уйғотаётганини билдирган. У босим остида ўзига нисбатан талаб қилинаётган мазмундаги постни жойлаштириш ниятида эмаслигини, ҳар қандай келишмовчилик қонуний йўл билан ҳал қилиниши кераклигини айтган.
Ушбу можаро юзасидан Акмал Мирзо ҳам видео мурожаат билан чиққан. У Маккадаги Каъба қаршисида туриб, Севара билан ўрталарида келишмовчилик бўлгани ва иш ҳатто судгача борганини айтган. Шунингдек, у бошқа хафа бўлиб юрган инсонларга ҳам мурожаат қилиб, бир-бирини ранжитиб яшашга арзимаслигини таъкидлаган.
Бу можарога Акмал Мирзонинг бир видеомурожаатида Севаранинг ижтимоий тармоқлардаги контенти танқид қилингани сабаб бўлган. У эркакларга мурожаат қилиб, хотинларининг Instagram тармоғида кимларни кузатишига эътибор беришга чақирган. Севаранинг контентини нопрофессионал деб баҳолаган ва аёлларни унга ўхшамасликка чақирган.
Севара эса ўз мурожаатида ҳеч кимни айбдор деб топишни эмас, балки ҳолатни холис текшириш ва қонуний баҳо беришни сўраётганини билдирган. Унинг таъкидлашича, тегишли далиллар мавжуд ва улар судга тақдим этилган.
Ҳозирча тақдим этилган материалларда ушбу таҳдидлар бўйича ваколатли органларнинг расмий муносабати келтирилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас