Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистондаги бозорлар ва савдо комплексларида маиший коррупция ҳамда яширин иқтисодиётга чек қўйиш, шунингдек, барча молиявий жараёнлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона E-bozor рақамли платформаси яратилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 июлдаги 358-сонли қарорида белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжат 6 июлдан бошлаб расман кучга кирди.
Янги тизим орқали бозорлардаги бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган маиший хизматлар учун пул ундириш жараёнлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.
Ҳужжатга кўра, Давлат солиқ қўмитаси E-bozor платформасининг ягона оператори этиб белгиланди. Янги рақамли тизимни жорий этиш икки босқичда амалга оширилади. Дастлаб, 2026 йил 1 октябрга қадар Soliq ахборот тизими таркибида платформанинг синов тариқасидаги варианти ишга туширилади.
Кейинги босқичда, яъни 2027 йил 1 мартга қадар тизим тўлақонли функционал режимда ишлай бошлайди. Ўша муддатгача платформада бозорлар ва савдо комплексларининг электрон паспортлари, бўш турган савдо нуқталари ҳамда очиқ майдончалар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади, шунингдек, маъмуриятга электрон ариза юбориш имконияти яратилади.
Ислоҳот доирасида савдо мажмуалари таркибидаги автотураргоҳлар ва жамоат ҳожатхоналарида тўловларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари ўрнатилади. Бундан ташқари, дастур ёрдамида савдо майдонларини ижарага бериш бўйича электрон шартномалар тузиш йўлга қўйилади.
Қарор билан рақамлаштирилиши лозим бўлган бозорлар рўйхати ва тегишли технологик схема тасдиқланган бўлиб, лойиҳа доирасида бозор ҳудудларидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ва инфратузилмани таъмирлаш ишлари ҳам кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас