Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 456,7 мингтани ташкил этди.
Қайд этилишича, бизнес субъектлари сони ўтган йилнинг мос даврига 399,6 мингта ташкил этган. Бу мос даврга нисбатан 57 мингтага кўпайган. Ҳудудлар кесимида энг кўп корхона Тошкент шаҳрида (108,4 мингта), энг ками эса Сирдарё вилоятида (11,64 мингта) рўйхатга олинган.
Соҳалар бўйича энг йирик улуш савдо (168 мингта) ва саноат (65,2 мингта) тармоқлари ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, жорий йилнинг январь–август ойларида 60,2 мингта янги корхона ташкил этилиб, уларнинг 10,6 мингтаси (17,5 фоизи) аллақачон даромад олишни бошлаган.
Бундан ташқари, мамлакатда хизмат кўрсатаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 21,5 мингтага етган бўлиб, бу ўтган йилдагидан 26,8 фоизга кўпдир.
Ушбу компанияларнинг энг катта улуши Хитой (29,9 фоиз), Россия (16,7 фоиз) ва Туркия (11,0 фоиз) сармоядорларига тегишли.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларига нисбатан жарима қўллаш тартиби қайта кўриб чиқилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас