Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мамлакат капитал бозорини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва замонавий молиявий воситаларни жорий этишни назарда тутувчи "Капитал бозори тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Қуйи палата матбуот хизмати маълум қилишича, ҳужжат аҳоли ва инвесторлар учун янги инвестиция имкониятларини яратади. Хусусан, шариат тамойилларига мос сукук (ислом облигациялари), барқарор ривожланиш, таъминланган ҳамда секьюритизацияланган облигацияларни муомалага киритиш кўзда тутилган.
Лойиҳа Президентнинг Тошкент халқаро инвестиция форумида капитал бозорига сармоя оқимини диверсификация қилиш бўйича билдирган ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ҳужжатда капитал бозорини тартибга солувчи орган ваколатларини IOSCO тамойилларига мувофиқлаштириш, Марказий депозитарий ва рейтинг агентликлари фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш ҳамда компаниялар томонидан ахборотни ошкор этиш талабларини қатъийлаштиришни назарда тутади.
Қонун қабул қилиниши ва амалиётга татбиқ этилиши молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга хизмат қилади.
Олдинроқ Apex Moliya компанияси исломий банкчилик тамойиллари асосида фаолият юритувчи илк исломий микромолия банкига айланишни режалаштираётганди.

Изоҳлар мавжуд емас