Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда исломий молия хизматларини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш мақсадида янги тартибни ишлаб чиқди. Тегишли қарор лойиҳаси исломий банк фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, хизмат кўрсатувчи муассасаларга нисбатан талабларни белгилаш ҳамда назорат тизимини шакллантиришни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, эндиликда исломий банк хизматларини кўрсатиш учун махсус лицензия олиш талаб этилади. Бундай фаолиятни йўлга қўймоқчи бўлган тижорат банклари Марказий банкдан тегишли рухсатнома олишлари, исломий молия кенгашини тузишлари, шунингдек, махсус бўлинма ва ички аудит тизимини жорий этишлари шарт. Қарор лойиҳасида "исломий банк фаолияти" тушунчасига расмий таъриф берилган бўлиб, у банк қонунчилиги ва халқаро исломий молия стандартларига мос хизматларни ўз ичига олади.
Лицензия олиш жараёни бир қатор қатъий талабларни қамраб олади. Хусусан, банк акциядорлари қарори, уч йиллик бизнес-режа, исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати ва алоҳида ҳисоб юритиш имкониятини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим. Шунингдек, биноларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар мавжудлиги тўғрисидаги хулоса ҳам талаблар рўйхатига киритилган. Лицензия бериш масаласи ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг икки ой ичида кўриб чиқилади, давлат божи эса банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида белгиланмоқда.
Кадрлар малакасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Исломий молия кенгашининг камида уч нафар аъзоси, жумладан, раис ва унинг ўринбосари ислом ҳуқуқи ёки исломшунослик бўйича олий маълумотга эга бўлиши шарт. Фаолият учун масъул раҳбарлар эса молия соҳасидаги билимлар билан бирга AAOIFI (Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти) халқаро сертификатига эга бўлиши лозим. 2027 йил 1 июлдан бошлаб кенгашнинг барча аъзолари учун ушбу сертификат мажбурий этиб белгиланмоқда. Кенгаш аъзоларининг банк бошқаруви ёки ходимлари таркибига кириши тақиқланади.
Мазкур янгиликлар 2026 йил 27 мартда қабул қилинган исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асослари тўғрисидаги қонун ижросини таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳа юзасидан жамоатчилик муҳокамаси 12 июнга қадар давом этади.
Бундан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 28 март куни имзоланган янги қонун (ЎРҚ-1126-сон) билан мамлакатимиз банк тизимига исломий молия стандартлари расман жорий этилганди. Ушбу ҳужжат исломий банк хизматларини тартибга солиш, молиявий қамровни кенгайтириш ва соҳага янги турдаги инвестицияларни жалб қилиш учун ҳуқуқий замин яратади.

Изоҳлар мавжуд емас