Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбекнефтгаз" тизимидаги нефть базалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, энди фойда билан ишлаётган нефть базалари ходимларининг ойлик маоши даромадига қараб оширилади. Шунингдек, автойоқилғи қуйиш шохобчалари (АЙОҚШ) операторлари КПИ натижаларига кўра ҳар ойлик маошининг 50 фоизигача қўшимча устама олиши мумкин.
Йиғилишда иш самарадорлиги пастлиги, маҳсулот сотиш ҳажмини ошира олмагани ва топшириқлар ижросини таъминламагани учун Гулистон нефть базаси раҳбари лавозимидан озод этилган. Шунингдек, бир қатор раҳбарлар, иқтисодчилар ва бухгалтерлардан тушунтириш хатлари олинган.
Маълум қилинишича, йил охирига қадар барча АЙОҚШлар босқичма-босқич замонавий кўринишга келтирилиб, тўлиқ рақамлаштирилади. Абдуғани Сангинов нефть базалари давлат кўмагига эмас, балки ўз меҳнати ва самарадорлиги ҳисобидан ривожланиб, фойда келтирадиган корхоналарга айланиши лозимлигини таъкидлаган.
Аввалроқ "Ўзбекнефтгаз" компанияси бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда “Ғиссарнефтгаз” қўшма корхонасининг оғир молиявий аҳволи ва раҳбарият фаолияти танқид қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас