Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий маълумотли бўлишни мақсад қилган ёшлар сафи кескин кенгайиб, талабалар сони 35 йил ичида деярли 4,6 бараварга кўпайган.
Миллий статистика қўмитаси тақдим этган сўнгги рақамларга қараганда, 2025/2026 ўқув йили бошига келиб мамлакатдаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётганларнинг умумий сони 1 миллион 535 минг нафарни ташкил этган. Таққослаш учун, 1991/1992 ўқув йилида бу кўрсаткич бор-жоғи 337,4 минг нафардан иборат бўлган. Яъни, орадаги фарқ 1 миллион 197,6 минг нафарни ташкил этган.
Маълум бўлишича, мамлакат тарихининг дастлабки чорак асрида талабалар сони бир маромда ўсмай, маълум даврларда ҳатто пасайиш тамойилини кўрсатган. 1991/1992 ўқув йилидаги 337,4 минглик кўрсаткичдан сўнг, 1995/1996 ўқув йилига келиб бу рақам 192,1 минггача камайган, 2000/2001 ўқув йилида эса энг паст нуқтага — 183,6 минг нафарга тушиб қолган. Келаси йилларда бироз жонланиш кузатилиб, талабалар сони 2005/2006 ўқув йилида 278,7 минг, 2010/2011 ўқув йилида 274,5 минг ҳамда 2015/2016 ўқув йилида 264,3 минг нафарни ташкил этган.
Эътиборлиси, 1990-йилларнинг ўрталаридан то 2015 йилгача бўлган салкам йигирма йиллик даврда талабалар сони 200-270 минг атрофида деярли бир жойда пасайиш ва тўхташлар билан тебраниб турган.
Дарҳақиқат, сўнгги ўн йилликда олий таълим соҳасида амалга оширилган кескин ислоҳотлар ва имкониятларнинг кенгайтирилиши вазиятни тубдан ўзгартириб юборган. 2020/2021 ўқув йилида талабалар сони бирданига 571,5 минг нафарга етган бўлса, 2021/2022 ўқув йилида 808,4 минг нафарни ташкил қилган.
Шундан сўнг рекорди янгиланиб, 2022/2023 ўқув йилида илк бор миллионлик доввон ошган ҳолда 1 миллион 42,1 минг нафарга, 2023/2024 ўқув йилида 1 миллион 314,5 минг нафарга ва 2024/2025 ўқув йилига келиб 1 миллион 432,8 минг нафарга етган.

Изоҳлар мавжуд емас