Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда совуқ кунлари иссиқхоналар газдан узиб қўйилган. Оқибатда 70 минг тонна ҳосил нобуд бўлиши мумкин. Бу ҳақда мухиримиз хабар бермоқда.
Ушбу маълумотлар президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов томонидан ўтказилган фавқулодда йиғилишда эълон қилинган.
Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг иситиш тармоқларига газ етказиб бериш тўхтатилганидан норозилигини билиб, президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовга бу масалани зудлик билан ўрганиб чиқишни топширган.
Маълум бўлишича, 700 гектар майдондаги 268та иссиқхона табиий газдан узилган. Натижада 70 минг тонна ҳосил нобуд бўлиши, 30 миллион долларлик маҳсулот экспорти йўққа чиқиши, газдан узилган иссиқхоналарда ишлаётган 10 минг киши иш жойидан айрилиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Энергетика вазирлигига бир кун ичида газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни қайта газлаштириш бўйича кўрсатма берилган.
Шунингдек, президент администрацияси раҳбари Ҳисоб палатаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тегишли раҳбарлар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва уларнинг қилмишида жиноят аломатлари аниқланса, жавобгарликка тортишни топширган.
Йиғилишда иссиқхоналарни муқобил ёқилғи (кўмир) га ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Иссиқхоналар эгалари иссиқхоналарни кўмир билан иситишга ўтказиш вақт талаб этишини, масалана пухта ўрганиш, синовдан ўтказиш ва тижорат жиҳатларини ҳисоблаш лозимлигини таъкидлашган. Мазкур масала юзасидан ишчи гуруҳи тузилиб, унга тегишли экспертлар ва ишбилармонлар билан биргаликда вазиятни атрофлича ўрганиш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ ҳар бир иссиқхонанинг молиявий аҳволини ўрганиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича асосланган таклифлар тайёрлайди. Иссиқхоналарда экинларни етиштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида уларни 1 кун ичида зарур молиявий ресурслар билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамизки, бир неча кун олдин, яқинлашиб келаётган совуқ тушиши арафасида Энергетика вазирлиги иссиқхоналардан муқобил ёқилғи заҳирасини яратиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирган эди. Вазирликнинг таъкидлашича, иситиш мавсумида иссиқхоналар тармоғидан узилиш мумкин, уларни куз-қиш даврида табиий газ билан таъминлаш кафолатланмайди.
Изоҳлар мавжуд емас