Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда валюта хатарларини бошқариш ва деривативлар бозорини ривожлантириш мақсадида махсус акциядорлик жамиятини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Буни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Янги тузилманинг энг кам устав капитали 500 миллиард сўм этиб белгиланмоқда. Компанияни 2027 йил 1 мартга қадар Тошкент шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказиш режалаштирилган.
Ташкилотга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тижорат банклари, халқаро молия институтлари ҳамда йирик корхоналар билан деривативлар бўйича тўғридан-тўғри битимлар тузиш, шунингдек, ички валюта ва пул бозорларида котировкалар бериш орқали бозор ликвидлигини таъминлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик корхоналар учун хорижий валютадаги кредитларни деривативлар орқали хеджирлаш талаби 2028 йилнинг II чорагидан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади.
Мазкур механизм валюта курси ва фоиз ставкаларининг салбий ўзгариши натижасида юзага келиши мумкин бўлган молиявий зарарларни чеклаш ҳамда корхоналарнинг қарз юки кескин ортиб кетишининг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк тижорат банкларидан омонат шартномаларида мижозларнинг ўз маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқини чеклайдиган барча бандларни чиқариб ташлашни талаб қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас