Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Электротехника, электроника ва робототехника соҳаларида охирги уч йилда Forbes Global 2000 рейтингига кирган ҳамда камида 50 миллион доллар миқдорида инвестиция киритадиган таянч инвесторлар учун қатор имтиёзлар белгиланди. Жумладан, улар ер солиғи, мол-мулк солиғи ва фойда солиғини тўлашдан 10 йил муддатга озод этилади.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, инвесторларга махсус иқтисодий зоналарда тайёр инфратузилмага эга бинолар ажратилади. Бунинг эвазига улар уч йилда қўшилган қийматни 40 фоиздан ошириш ҳамда йиллик фойданинг камида 3 фоизини илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига йўналтириш мажбуриятини олади.
Бундан ташқари, 2026–2028 йилларда электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари учун ажратиладиган кредитлар бўйича "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти томонидан фоиз харажатларини компенсация қилиш тартиби жорий этилади.
Компенсация кредитнинг 20 миллиард сўмдан ошмаган қисмига миллий ва хорижий валютадаги ставкалар бўйича "2+1" тамойили асосида тақдим этилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидаги йирик инвестиция лойиҳалари учун ер участкаларини ажратиш тартиби соддалаштирилиб, маҳаллий инвесторлар лойиҳанинг қиймати камида 10 миллион доллар бўлган ерни 49 йилга ижарага олишлари мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас