Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ўтказилган мониторингларда умумий қиймати 25 миллиард сўмдан ортиқ давлат харидларида рақобат ва харид қонунчилиги талаблари бузилгани аниқланди. Ҳолатлар юзасидан иш қўзғатилиб, масъул мансабдорларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш учун материаллар судга юборилган.
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, Жиззах вилоятида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ давлат харидлари ўрганилган. Жумладан, Арнасой туман тиббиёт бирлашмасида 588,3 миллион сўмлик аутсорсинг хизмати, силга қарши кураш диспансерида 420 миллион сўмлик аутсорсинг хизмати бўйича харидларда қонунбузилишлар қайд этилган.
Шунингдек, вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўтказилган олти савдода 333,1 миллион сўмлик товар-моддий бойликлари, Дўстлик туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида эса 183,1 миллион сўмлик қурилиш моллари харидида қонунчилик талаблари бузилган.
Қўмитага кўра, бу ҳолатларда иштирокчиларга асоссиз талаблар қўйилган ва талабгорлар нотўғри баҳоланган. Шу сабабли "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани юзасидан ишлар қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган. Масъулларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Сирдарё вилоятида эса "Иссиқлик электр тармоқлари" жамиятининг "Сирдарё ИЭС" филиалидаги умумий қиймати 22,5 миллиард сўм бўлган тендер савдолари ўрганилган. Унда "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 29-моддаси ҳамда "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонуннинг 42, 46 ва 61-моддалари талаблари бузилгани аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича иш қўзғатилиб, буюртмачига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Фарғона вилоятида Марғилон шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг 2025 йил ҳамда 2026 йил январь–апрель ойларида ўтказган қарийб 1,2 миллиард сўмлик энг яхши таклифларни танлаш савдолари ҳам ўрганилган. Бувайда туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасида эса 275 миллион сўмлик шундай савдода қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланган.
Ҳар икки ҳолат бўйича ҳам "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани юзасидан иш қўзғатилиб, мажбурий кўрсатмалар берилган. Масъул мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддаси 5-қисми асосида иш юритилиб, материаллар судга тақдим этилган.
Рақобат қўмитаси давлат харидлари соҳасида мониторинг ишлари давом эттирилишини маълум қилди.

Изоҳлар мавжуд емас