Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг ўн ойида Ўзбекистонга 11,6 миллион нафардан зиёд хорижий фуқаро турист сифатида ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,9 миллион нафарга кўп. Сайёҳларнинг асосий қисми Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келади.
Статистикага кўра, 2026 йил январь–октябрь ойларида мамлакатга жами 11 миллион 622 минг 103 нафар хорижлик келган. Октябрь ойининг ўзида эса Ўзбекистон 1,3 миллион нафар сайёҳни қабул қилган.
Туристлар оқими бўйича қўшни давлатлар етакчилик қилмоқда. Қирғизистондан 3,18 миллион, Қозоғистондан 2,7 миллион, Тожикистондан эса 2,55 миллион нафар фуқаро келган. Бу уч давлатдан ташриф буюрганлар умумий сайёҳлар оқимининг катта қисмини ташкил этади.
Россиядан келган сайёҳлар сони 1,1 миллион нафардан ошган. Кейинги ўринларда Афғонистон (432,6 минг), Хитой (430,3 минг) ва Туркманистон (289,9 минг) қайд этилган.
Ўзбекистонга сайёҳлар энг кўп келган ўнталикни Туркия (169,5 минг), Ҳиндистон (64,3 минг) ва Германия (50,8 минг) якунлаган.
Шундай қилиб, ўн ойлик натижаларга кўра, Ўзбекистонга хориждан келаётган туристлар сони ўтган йилга нисбатан 19,4 фоизга ошган.

Изоҳлар мавжуд емас