Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда кредитлар ва микроқарзлар рекламасида молиявий хавф-хатарлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш бўлиши шарт қилиб қўйилди. Бу ҳақда киритилган норма 10 ноябрь куни "Реклама тўғрисида"ги қонунга тегишли ўзгартириш сифатида киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, "Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 43-моддаси янги қисм билан тўлдирилган. Унга кўра, кредит ва микроқарзлар рекламасида қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хавф-хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши шарт.
Бундай огоҳлантириш рекламанинг асосий майдони ёки вақтининг камида 10 фоизини эгаллаши лозим.
Қонуннинг Сенатдаги муҳокамаларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Давлатов сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда онлайн реклама мониторинги механизми ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.
Ушбу янги тизимни 1 январдан бошлаб амалиётга жорий этиш режалаштирилган бўлиб, у рекламаларда огоҳлантириш учун белгиланган 10 фоизлик талабга риоя этилишини тезкор назорат қилиш имконини беради.
Мазкур талабларнинг жорий этилиши бежиз эмас. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига тижорат банкларида микроқарз олувчилар сони бир йилда 37 фоизга ошиб, қарийб 2,7 миллион кишига етган.
Шунингдек, битта қарз олувчига тўғри келадиган микроқарз шартномаларининг ўртача сони ҳам 1,7 тадан 1,9 тага кўпайган.
Олдинроқ Ўзбекистонда ташқи реклама учун паспорт олиш тартиби бўйича муаммо ўз ечимини топганди.

Изоҳлар мавжуд емас