Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ–242-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан мамлакатда аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган миллий дастурларнинг асосий мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Фармонга мувофиқ, миллий дастурларни амалга оширишнинг бош мақсадлари этиб билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш, аҳолининг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлаш ҳамда юқори технология ва меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш каби муҳим вазифалар олинган.
Билим ва малакани тараққиётнинг бош омилига айлантириш бўйича миллий дастур доирасида таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор амалий чора-тадбирлар белгиланган.
Хусусан, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш ҳамда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича амалдаги имтиёзларни сақлаб қолган ҳолда уларнинг самарадорлигини доимий баҳолаб бориш тизими жорий этилади.
Шунингдек, мамлакатдаги барча умумтаълим мактаблари босқичма-босқич халқаро баҳолаш дастурлари билан қамраб олинади. Олий таълим тизимида эса камида 10 та маҳаллий олий таълим ташкилотини дунёнинг нуфузли халқаро рейтингларидаги топ-1000 талик рўйхатига киритиш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, ёшларни замонавий меҳнат бозорига тайёрлаш мақсадида 10 миллион нафар ёш рақамли индустрия ва келажак касбларига фаол жалб этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов хусусий мактаблар ва боғчалар учун вазирлик берадиган лицензия талабини бекор қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас