Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Жингил қишлоғида 84-сонли мактаб ўқувчилари таълим муассасасига бориш учун сув йўлини кесиб ўтмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода болаларни яқинлари сувдан кўтариб олиб ўтаётгани акс этган.
Кадрларда катталар сувга тушишдан олдин оёқ кийимларини ечиб, кийимлари ҳўл бўлмаслиги учун шимларини тиззадан юқорига шимарган ҳолда болаларга ёрдам бераётганини кўриш мумкин. Сув оқими кучли бўлгани сабабли ўқувчилар уни мустақил кесиб ўтиши хавфли кўринади. Баъзилар эшак билан болаларни йўлнинг нариги тарафига олиб ўтмоқда.
Видеодаги ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари норозилигига сабаб бўлди. Айримлар қишлоқда ўқувчилар хавфсиз ҳаракатланиши учун кўприк қуриш зарурлигини таъкидламоқда. Бошқалар эса муаммо ҳал этилмагунча болаларни мактабга юбормаслик кераклигини билдирмоқда.
Фойдаланувчилар янги таълим вазири Эркинжон Турдимовнинг ҳудудларга ташрифини айнан шу каби муаммолар мавжуд қишлоқлардан бошлаши кераклигини ҳам ёзмоқда.
Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас