Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбекнефтгаз" компанияси бошқарув раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда “Ғиссарнефтгаз” қўшма корхонасининг оғир молиявий аҳволи ва раҳбарият фаолияти танқид қилинди.
Маълум қилинишича, корхонада ходимларга бир неча ой давомида иш ҳақлари тўланмаган. Шунингдек, раҳбарият аъзолари ўзларига асоссиз юқори маош белгилагани, сохта ходимлар орқали маблағларни ўзлаштиргани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани қайд этилган.
Шу муносабат билан корхонанинг собиқ раҳбарияти лавозимидан озод этилган. Янги раҳбарият олдига ходимларнинг муддати ўтган иш ҳақларини тўлаб бериш, молиявий интизомни тиклаш ҳамда корхона фаолиятини соғломлаштириш бўйича вазифалар қўйилган.
Бундан олдин ҳам Абдуғани Сангинов Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида танқидий йиғилиш ўтказиб, Condor Energy хорижий компаниясининг мажбуриятларни бажармагани учун фаолиятини кескин танқид қилганди. Ишлаб чиқаришнинг пасайишига қарши курашиш бўйича етарли чоралар кўрилмаганлиги ва йил бошидан буён 10 дан ортиқ авариявий тўхташларга йўл қўйилганлиги учун Дўяхатин кони бошлиғи лавозимидан озод этилганди, Газли бошқармаси директори ва унинг бош геологи эса ҳайфсан олган эди.

Изоҳлар мавжуд емас