Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Дерматовенеролог Ирода Расулова куёвнинг оиласи томонидан келинга бўлган яна бир ноадекват муносабат ҳақида айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, тўй пайтида куёв ва унинг ота-онаси пардоз туфайли келиннинг юзидаги сепкилларни кўрмай қолишган бўлиб, сўнгра ҳомиладор аёлни сепкилларни олиб ташлашга мажбур қилишган. Куёвнинг оиласи айтишича, сепкиллар билан яшаш ва бола туғиш мумкин эмас экан. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
“Бугун юз берган воқеа ушбу хабарни ёзишга мажбур қилди. Қабулимга эркак, аёл ва 20 ёшли келинчак келиб, унинг юзидаги сепкилларни йўқотишни илтимос қилишди. Келинчак гўзал ва жуда ёш. Юзидаги сепкиллар унинг хуснига хусн қўшиб турибди. Билишимча, қайнона ва қайнота келиннинг юзидаги сепкиллар ўғлига ёқмагани учун, бечора қизни менга олиб келишган экан”, - дея ёзмоқда шифокор ўзининг Инстаграмдаги аккаунтида.
“Катталарнинг айтишича, қиз ҳомиладор бўлсада, вазият жуда оғир эмиш. Қабул пайтида қиз бошини эгиб, йиғламсираб ўтирибди. Унинг хис-туйғулари ва соғлиги ҳақида ҳеч ким ўйлаётгани йўқ. Куёвга маъқул бўлиши керак экан холос. Энг даҳшатлиси шундаки, тўйгача қиз пардоз билан учрашувга чиққани боис, ўғли сепкилларни кўрмаган экан. Тўйдан сўнг қиз юзини ювганидан кейин, сепкиллар ҳамманинг “оғзини очиб қўйган” экан”,- деди шифокор.
“Одамлар, ақлингиз жойидами? Сиз эркатой ва масъулиятсиз ўғилни тарбиялагансиз! Қачондан бери сепкиллар инсоннинг камчилигига айланди? Сепкилли аёлдан худди шундай фарзандлар туғилишидан “бечора” йигит ташвишда эмиш!”, -деб афсусланмоқда шифокор.
Унинг сўзларига кўра, ҳали бу хамир учидан патир, зеро бундай одамлар жуда кўп.
“Агар шу хабарни ўша қиз ўқиётган бўлса, унга қарата айтмоқчиман – асло хафа бўлма, сен жуда гўзалсан. Туғилажак боланг ҳам бетакрор. Менинг тенгдошим бўлган катталар эса ўзи нима қилаётганини билишмайди. Келинингизнинг ичида неварангиз ўсаётганини тушунасизми? Ўғлингизни тарбиялаш ўрнига келиннинг асабини бузаяпсиз. Сиз учун келгуси авлод олдида уялиб қолаяпман”, -деди у.
Изоҳлар мавжуд емас