Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятида озодликдан маҳрум этилган тадбиркорга солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмагани учун 17 та маъмурий жарима қўллангани аниқланди. Кейинчалик Бизнес-омбудсман аралашуви билан ушбу жарималар бекор қилинди.
Иккита компания раҳбари солиқ инспекцияси томонидан қўлланган маъмурий жарималардан норози бўлиб, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар солиқ инспекцияси томонидан 2024 йил 17 октябрдан 2025 йил 28 августгача бўлган даврда солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 2-қисми асосида жарималар қўлланган.
Бироқ ўрганиш давомида тадбиркор Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 18 апрелдаги ҳукми билан 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилгани аниқланган. У 2024 йил 17 октябрдан 2026 йил 6 майгача жазони ўтаган.
Шу сабабли Бизнес-омбудсман солиқ инспекцияси ишни тўлиқ ва холисона ўрганмаган, деган хулосага келган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 321-моддасига кўра, ишнинг тўлиқ бўлмаган ёки бир томонлама кўриб чиқилиши қарорни бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.
Бизнес-омбудсман томонидан Фарғона вилояти солиқ бошқармасига маъмурий қарорларни бекор қилиш ҳақида хулоса киритилган.
Шундан сўнг тадбиркор озодликдан маҳрум этилган даврда унга нисбатан қўлланган 17 та маъмурий жарима тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, унинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Эслатиб ўтамиз,Сурхондарё вилоятида тадбиркор Сайриддин Хўжамқуловга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш ҳам суд томонидан тўлиқ бекор қилинганди. Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятида депутатга нисбатан тергов жараёнларида процессуал қонунбузарликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида баҳслар кучайганди. "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов мазкур икки ҳолатни таққослар экан, бирида адолат қарор топганини, иккинчисида эса қонунийлик тамойиллари савол остида қолганини таъкидлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас