Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда йўл-патруль хизмати инспектори ва ҳайдовчи ўртасида кескин мулоқот акс этган видео тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд томонидан кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Ўша тасвирларда ЙПХ инспектори ва ҳайдовчи ўртасида ҳужжатларни тақдим этиш масаласида кескин тортишув юзага келгани, салон ичидаги йўловчилар ходимлардан вазиятни кескинлаштирмасликни сўрагани ҳамда ҳайдовчи ҳужжатларни бермасдан воқеа жойидан ҳаракатланиб кетгани акс этганди.
Суд жараёнида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ инспектори ҳамда ҳайдовчи ўртасида юзага келган низоли вазият юзасидан расмийлаштирилган материаллар ўрганилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Қибрай туман судида иш кўриб чиқилиб, ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддасининг биринчи қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабини бажармаслик) ҳамда 195-моддасида (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.
Суд қарори билан кодекснинг 34-моддасига асосан унга узил-кесил 5 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Изоҳлар мавжуд емас