Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Муҳташам юз йил" сериалида Шоҳсултон образини яратган актриса Дениз Чакир ва туркиялик машҳур хонанда ҳамда актёр Ўзжан Дениз Истанбулда гиёҳванд моддалар ва фоҳишабозлик билан боғлиқ жиноятлар юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида қўлга олинди. Умумий ҳисобда 35 нафар шахсни ушлаш ҳақида қарор чиқарилган, 25 ноябрь ҳолатига кўра, уларнинг 23 нафари полицияга олиб кетилган.
Туркияда шоу-бизнес вакилларига нисбатан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ текширувлар янги босқичга ўтмоқда. Бу галги тезкор тадбир аввалги операциялардан фарқли равишда фақат наркотик моддаларни истеъмол қилиш ёки сақлаш гумонлари билан чекланмай, уларнинг савдоси, етказиб берилиши ҳамда фоҳишабозликка оид ҳолатларни ҳам қамраб олган.
Истанбул Бош прокуратурасининг Контрабанда, наркотик ва иқтисодий жиноятлар бўйича тергов бошқармаси олиб бораётган иш доирасида Дениз Чакир ва Ўзжан Дениздан ташқари актрисалар Буржу Ўзберк, Мелтем Ўзкаядан, актёр Мурат Башоғлу ва бошқа санъат ҳамда шоу-бизнес вакиллари ҳам қўлга олинган.
Машҳурларга қарши операциялар бир неча ойдан бери давом этмоқда
Batafsil.uz аввал ҳам Туркияда санъаткорлар ва шоу-бизнес вакилларига қарши ўтказилаётган наркотик операциялари ҳақида бир неча бор хабар берган.
Хусусан, 2026 йил январь ойида "Қизил шарбат" сериали юлдузи Доғукан Гўнгўр ва ижтимоий тармоқ фаоли Бурак Олтиндағ тўртта вилоятда ўтказилган махсус операция давомида қўлга олинганди. Ўшанда жами 26 нафар гумонланувчини ушлаш ҳақида қарор чиқарилган, уларнинг 23 нафари полиция томонидан ушлангани маълум қилинган. Тергов наркотик моддаларни сақлаш, улардан фойдаланишга шароит яратиш ва фоҳишабозликка воситачилик қилиш гумонларини қамраб олганди.
Кейинчалик, апрель ойида актёрлар Бурак Дениз, Серра Пиринч ва Энес Гўлердан олинган биологик намуналарда марихуана ва кокаин излари аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Хонанда Утку Юнсалда ҳам марихуана моддаси қайд этилгани маълум бўлди.
Сентябрь ойида эса Истанбулдаги навбатдаги операциялар давомида "Чуқур" сериали орқали танилган Арас Булут Ийнемли, хонанда Sefo, актриса Мелис Сезен ва бошқа машҳурлар қўлга олинди. Ўшанда икки алоҳида тергов доирасида 24 нафар гумонланувчини ушлаш бўйича қарор чиқарилган, дастлабки маълумотларга кўра, улардан 15 нафари ушланганди.
Шу тариқа, Дениз Чакир ва Ўзжан Денизнинг қўлга олиниши Туркияда машҳур санъаткорларга нисбатан ўтказилаётган тезкор тадбирларнинг навбатдаги босқичи бўлди. Бироқ бу сафарги ишда наркотик моддалар билан боғлиқ гумонлардан ташқари фоҳишабозлик ва тақиқланган моддалар савдоси ҳам алоҳида тергов йўналишлари сифатида кўрсатилган.
Тергов нималарга асосланмоқда?
Истанбул Бош прокуратураси маълумотига кўра, тергов давомида гумонланувчиларнинг кўрсатмалари, гувоҳларнинг баёнотлари, олиб қўйилган телефонлар ва рақамли қурилмалар экспертизаси натижалари, шунингдек, махфий гувоҳларнинг маълумотлари ўрганилган.
Ушбу материаллар асосида наркотик моддалар истеъмол қилингани ёки сақлангани бўйича гумонлар юзага келган ва 35 нафар шахсни ушлаш ҳақида қарор чиқарилган.
25 ноябрь куниги маълумотга кўра, 23 нафар гумонланувчи ушланган. Қолган 12 нафар шахснинг тақдири ҳақида ҳозирча расмий хабар берилмаган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас