Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда Коксаки вируси тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ушбу хабарлар юзасидан муносабат билдириб, мамлакатда энтеровирусли инфекциялар бўйича эпидемиологик вазият барқарор ва назорат остида эканини маълум қилди.
Қўмита маълумотига кўра, Коксаки вируси энтеровируслар гуруҳига киради ва унинг ҳозиргача 30 га яқин тури мавжуд. Инфекция, асосан, болаларда турли аломатлар билан намоён бўлиши мумкин.
Касаллик юқори ҳарорат — 39–40 даражагача иситма, лимфа тугунларининг катталашиши, кўнгил айниши, қайт қилиш ва кучли бош оғриғи билан кечиши мумкин.
Шунингдек, терида тошмалар, оғиз бўшлиғи, тил ва милкларда оғриқли яралар ҳамда пуфакчалар пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда томоқ оғриғи сабабли болалар овқатланишдан бош тортиши мумкин.
Инфекция бир неча йўл билан юқади. Жумладан, ҳаво-томчи йўли орқали, ифлос қўллар, ўйинчоқлар ва умумий идиш-товоқлардан фойдаланиш натижасида тарқалиши мумкин.
Шу билан бирга, бемордаги пуфакчалар суюқлиги ёки бошқа ажралмалар билан бевосита алоқа ҳам юқиш хавфини келтириб чиқаради.
Санэпидқўмита фуқароларни касаллик ҳақидаги маълумотларни фақат расмий манбалардан олишга ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликка чақирган.
Олдинроқ Россиядаги ўлат хавфидан сўнг Ўзбекистонда эпидемиологик тайёргарлик кучайтирилганди.

Изоҳлар мавжуд емас