Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар қилишича, “Ўзгидромет” томонидан кейинги ҳафтада кутилаётган об-ҳаво тўғрисидаги батафсил маълумот эълон қилинган.
Хусусан, синоптиклар берган маълумотга кўра: “Якшанбадан душанбага ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудидан ғарбий совуқ фронт ўтди. Ушбу синоптик вазият натижасида республика ҳудуди бўйлаб ёмғир ва қор кўринишида ёғингарчилик кузатилди».
Энди Кавказ ҳудудидан кирган антициклон аста-секин республикамиз устига ўтиб, бугуннинг ўзида Ўзбекистон шимолига таъсир кўрсатмоқда. Душанба тонгига келиб, Самарқанд вилоятининг текислик ҳудудларида 1-4 см қалинликда қор қоплами ҳосил бўлди.
Бугун кун давомида мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб ёғингарчилик эҳтимоли сақланиб туради. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 0-5 даража атрофида илиқ бўлади.
21-22 январь кунлари совуқ ҳаво оқими бутун республика ҳудудини қамраб олади. Ўзбекистоннинг айрим жойларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Тунги ҳарорат 3-5 даража совуққача, шимолий ҳудудларда 8 даража совуққача пасаяди. Кундузги ҳарорат 0-5 даража атрофида илиқ бўлади.
“23 январда совуқ антициклон шарққа қараб ҳаракатланади ва Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми Туркманистон ҳудудидан кирган илиқ ҳаво оқимлари таъсирида қолади. Республика бўйлаб об-ҳавонинг очиқ ва қуёшли бўлиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 7-9 даража илиққача кўтарилади. Тунги ҳарорат эса ўша меъёрда сақланиб туради”, - деб хабар бермоқда “Ўзгидромет”.
24-25 январь кунлари навбатдаги ғарбий антициклон кириши кутилмоқда. Илиқ жанубий оқимларнинг сақланиб туриши ҳисобига мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб ёмғир ёғади. Тоғли туманларда ёғингарчилик (қор, ёмғир) бўлади. Шу кунларда ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ — 3 даража илиқ, кундузи 2-7 даража илиқ бўлади. Ушбу кўрсаткичлар йилнинг шу даври учун хос бўлган меъёрларга яқин ҳисобланади.
Изоҳлар мавжуд емас