Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида янги низом амал қила бошлайди. Мухбиримиз хабар беришича, рўйхатга олиш муддати ҳам уч кундан бир кунгача қисқаради.
Эслатиб ўтамизки, Президент фармони билан рўйхатга олиш бўйича ҳукумат қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, доимий яшаш жойига рўйхатга олиш бўйича бир қатор янги тартиблар жорий қилинди.
Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди. Адлия вазирлиги маълум қилишича, мазкур ҳужжат 2020 йилнинг 1 сентябридан бошлаб кучга киради.
Низомга асосан, фуқаро янги яшаш жойига келган кундан эътиборан 15 кун ичида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (МваФРБ), Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиши шарт. Рўйхатга ўтиш учун ариза бериш муддати 10 кундан 15 кунгача узайтирилган.
ДХМ ёки ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтиш қуйидаги тоифаларга мансуб фуқароларга рухсат этилган: қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой сотиб олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтганлар.
Бошқа тоифадаги фуқаролар доимий рўйхатга олиш учун МваФРБга мурожаат қилиб, белгиланган ҳужжатларни тақдим этишлари лозим. Фуқаро ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширилади.
Мурожаат қилинган куннинг ўзида фуқаронинг паспортига аввалги доимий рўйхатини бекор қилинганлиги тўғрисида штамп босилади ва фуқаронинг хоҳишига кўра доимий рўйхатга олинганлиги ҳақида QR-код билан ҳимояланган қайд варағи тақдим этилади. Рўйхатга олишни расмийлаштириш ҳозиргидек 3 кун эмас, 1 кунни талаб этади.
Изоҳлар мавжуд емас