Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз берган хабарга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний шахсларга такси хизматини кўрсатишга рухсат берилади.
Мазкур чора давлат раҳбарининг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Хусусан, ҳужжатга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда) енгил автомобиль транспортида ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш таклиф қилинган.
Бунда ўзини-ўзи банд этувчи шахслар енгил автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини мобил иловалар – агрегаторлар орқали амалга оширганларида олинган даромадларга ижтимоий солиқни тўлаш билан бир қаторда жисмоний шаҳслардан даромад солиғи белгиланган тўлов ставка бўйича олинган даромад суммаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда солиқ солинади.
Эслатиб ўтамизки, жисмоний шахсларга такси хизмати кўрсатишга рухсат берилиши ҳақидаги масала биринчи маротаба 2017 йилда кўтарилган эди. Лекин ўшандан бери ушбу савол ўз ечимини топганича йўқ. Ўтган уч йил мобайнида ташишларни амалга ошириш бўйича жисмоний шахсларга ўрнатилган таъқиқни бекор қилишни таклиф этувчи бир қатор ҳукумат ҳужжатлари лойиҳаси эълон қилинган эди. Аммо бу таклифлар лойиҳалардан нарига ўтмади.
Амалдаги маҳаллий қонунчилик фақат тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахсларга йўловчиларни ташиш имконини беради. Такси ҳайдовчиси бўлиб ишламоқчи бўлган автомобил эгалари юридик шахс-таксопарк билан меҳнат шартномасини тузишлари керак.
Изоҳлар мавжуд емас