Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. 2022 йилга келиб, Ўзбекистон “ақлли” кадастр паспортларига ўтади. NFC технологияси кўмагида бўлган Smart-карталар мулк ҳақидаги барча маълумотларни ўз ичига олиб, нотариал идоралар ва коммунал тизимлар билан интеграциялашган. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Янги намунадаги кадастр паспортини 2020 йил 1 мартдан олиш мумкин. Smart-картада мулкнинг техник параметрлари, кадастр қиймати, объект режаси ва эгалари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
Пластик картанинг афзалликлари шундан иборатки, унда маълумотларни сақлаш қулай ҳисобланиб, паспортни қалбакилаштириш хавфи камаяди. Унинг эгаси банкдан кредит олиш учун маълумотномалар тўплаши шарт эмас: карта мол-мулкни гаров сифатида топширишни соддалаштиради.
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси хабар беришича, мазкур карталарнинг жорий этилиши туфайли коммунал хизматлар, солиқ ва давлат божларини тўлаш учун ягона биллинг тизимли маълумотлар базаси яратилади.
Карта кўринишидаги кадастр паспорти NFC технологияси, яъни қисқа таъсир майдонли симсиз маълумот узатишни қўллаб-қувватлайди. Бу кадастр рақамларидан бутунлай воз кечишга имкон беради. Картадаги маълумотларни дарҳол смартфон ёрдамида ўқиш мумкин.
Ушбу карта нотариал идоралар ва коммунал тизимлар билан бирлаштирилган. Аҳоли учун ишлаб чиқилган мобил илова кўчмас мулк ҳақидаги тўлиқ маълумотни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, янги кадастр паспорти кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни дарҳол рўйхатдан ўтказишга ёки йўқолган ҳужжатни тиклашга имконият яратади. Картада мулк манзили бўйича рўйхатдан ўтган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Ундан ер ва мулк солиғини тўлаш учун фойдаланиш мумкин.
Картадаги QR-кодни сканерлаш орқали паспортнинг ҳолати ва ҳақиқийлигини текшириш, уй-жой фондининг техник параметрларини аниқлаш, объектга нисбатан чеклов ёки жарималар мавжудлигини билиб олиш мумкин.
Ўзбекистонда карта кўринишидаги кадастр паспорти Вазирлар Маҳкамасининг 12-декабрдаги " Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий этилмоқда.
Кадастр паспорти Давлат хизматлари марказларида ва my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари порталида берилади. Қўшимча маълумот учун қўмитанинг 1097 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш мумкин.1 мартдан бошлаб янги паспорт карталари Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида расмийлаштирилмоқда. Бошқа ҳудудлар ва Қорақалпоғистонда улар 2020-2022 йилларда пайдо бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас