Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ташқи ишлар вазирлигига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз маълум қилишича, 55 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар Россиядан чартер рейслари орқали Ўзбекистонга олиб кетишни сўрашмоқда.
“2020 йилнинг 12 май ҳолатида элчихона консуллик бўлими томонидан тузилган онлайн-рўйхатга Ватанга қайтиш истагини билдирган 55 минг киши киритилган. Бу каби рўйхатлар Ўзбекистоннинг Россия ҳудудларидаги Бош консулхоналари томонидан ҳам юритилиб, уларда тахминан 10 мингга яқин фуқаро қайд этилган. Жорий йили 11-12-май кунларининг ўзида 14 минг ватандошимиз Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилди”, - дея маълум қилмоқда вазирлик матбуот-хизмати.
Айни пайтда элчихона ўз имкониятлари ва ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россиядан имкон қадар тез муддатда олиб чиқишга барча кучларини сафарбар қилган.
“Тезкор штаб тузилган, 9 та ходимдан иборат махсус гуруҳ ташкил этилиб, у доимий равишда фуқаролар билан ишлаб келмоқда. Маълумки, чартер рейсларига биринчи навбатда кекса, касал фуқаролар, ҳомиладор ва болали аёллар, шунингдек, илгари бекор қилинган доимий рейсларга чиптаси бор фуқаролар жойлаштирилади. Шу сабабли элчихона дипломатлари томонидан тасдиқловчи ҳужжатлар сўралганда ватандошларимиздан вазиятни тўғри тушунишларини ва тегишли ҳужжатларни тақдим этишларини сўраймиз”, - дея таъқидламоқда вазирлик.
Бундан ташқари, сўнгги кунларда элчихона ва консуллик бўлими атрофида чартер рейслари орқали Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган фуқароларимиз тўпланиши кузатилмоқда. Ушбу ҳолат турли касалликлар, шу жумладан, COVID -2019 коронавирус инфекциясини юқтириш хавфини орттиради.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, элчихона Россиядан учиб кетишни хоҳлаган фуқаролар рўйхатини ўз консуллик округи (Марказий федерал округ) доирасидагина олиб бормоқда. Россиянинг бошқа ҳудудларида бўлиб турган ватандошларимиз Ўзбекистоннинг тегишли Бош консулхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.
Ўзбекистонликларни олиб чиқиш бўйича чартер рейсларнинг янгиланган жадвали билан бу ерда танишиб чиқиш мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас