Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Сенаторлар жиззахлик 8 ёшли Муҳаммадали Султоновнинг видеомурожаати бўйича чора кўришди. Бола ҳокимиятнинг қарздор бўлган собиқ ходимидан бувисини ҳимоя қилишни сўраган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Муҳаммадалининг мурожаати акс этган видеоёзув Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилган. Қўмита аъзоси, сенатор Санобар Суюнова болакай ва унинг бувиси Хусния Салахутдинованинг "Ёшлик" маҳалласи 2-сонли ётоқхонадаги 10-хонадонига ташриф буюрган.
Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати маълум қилишича, бола ва кекса аёл бирга яшамоқда. Бола 7 ойлик бўлганида онаси Россияга кетган. Ҳозир Муҳаммадали хусусий мактабнинг 2-синфида пуллик асосда таҳсил олмоқда.
Хусния Салахутдинованинг сўзларига кўра, 2016 йилда Жиззах шаҳар ҳокимияти инсон ҳуқуқлари бўлимининг Алишер исмли ходими ундан уй сотиб олишга таклиф қилган ҳамда 4 минг доллар ва 2 миллион сўмни олган. Кейин эса ишдан бўшаб, ғойиб бўлган.
Аёл Алишерни судга берган ва у айбдор деб топилган. Ҳокимиятнинг собиқ ходими пулни қайтариб бериш тўғрисида тилхат ёзиб берган. Аммо қарзни қайтариш ўрнига кекса аёлга қарши таҳдидлар бошланиб кетган.
Шундай қилиб, 2020 йил 10 январь куни кекса аёл жисмоний кўрикдан ўтказиш баҳонасида уч соат давомида психиатрик касалхонага ётқизилган. Текширув натижларига кўра, аёл ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан соғлом бўлиб уйига қўйиб юборилган. Шундан кейин Муҳаммадали бувиси яна руҳий касалхонага ётқизилишидан қўрқиб, мактабга бормай қўйган.
Сенатор шаҳар ҳокими билан биргаликда вазиятни ўрганган. Мажбурий ижро бюросига қарзни ундириш бўйича кўрсатма берилган. Бундан ташқари, аёлга молиявий ёрдам бериш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Санобар Суярова бола ўқиётган мактаб директори билан суҳбатлашиб, унга бепул таълим берилишига эришган.
Изоҳлар мавжуд емас