Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон халқаро аэропортлари портловчи моддаларни аниқлаш учун замонавий ускуналар билан таъминланди, улар тез орада мамлакатнинг барча ҳаво бандаргоҳларида ишлай бошлайди.
Лойиҳа Uzbekistan Airports раҳбарияти томонидан америкалик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилди. Ускуналар АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва АҚШ Транспорт хавфсизлиги маъмурияти (TSA) вакиллари билан бир қатор музокаралар ва амалий учрашувлар натижасида топширилди.
Экспорт назорати ва чегара хавфсизлиги дастури (EXBS) доирасида Америка Қўшма Штатлари ҳукумати "Uzbekistan Airports"га 12 та замонавий LEIDOS газ анализаторларини беғараз тақдим этди.
Ускуналар авиация хавфсизлиги технологияларининг энг янги авлодига киради. Газ анализаторлари юклар, почта жўнатмалари, багаж ва йўловчиларнинг қўл юкларини кўздан кечиришда портловчи моддаларнинг излари ва буғларини аниқлай олади. Уларнинг жорий этилиши текширув тартиб-таомиллари самарадорлигини сезиларли даражада оширади ва мамлакат аэропортларида хавфсизлик чораларини кучайтиради.
Қайд этилишича, янги технологиялар ҳимоя даражаси ва текширув сифатини сезиларли даражада оширади.
Компания раисининг авиация хавфсизлиги ва режими бўйича ўринбосари Беҳзод Юсупов компания номидан АҚШ элчихонаси, EXBS дастури раҳбарияти ва АҚШ Транспорт хавфсизлиги маъмуриятига қўллаб-қувватлаш, ишонч ва конструктив ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, қўшма лойиҳалар замонавий технологияларни жорий этиш ва соҳа мутахассисларининг касбий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Аввалроқ, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида пойтахтнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва ундан келгусида фойдаланиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас