Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори ва фармонига мувофиқ, 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, спорт ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ фаол ёшлар мукофотланди. Хусусан, юртимизнинг иқтидорли йигитлари "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан, ташаббускор ёш авлод вакиллари эса "Келажак бунёдкори" медали билан тақдирланди. Президент қарорига асосан, "Мард ўғлон" мукофоти соҳибларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди.
"Мард ўғлон" давлат мукофотига лойиқ кўрилганлар қаторидан юртимизнинг барча ҳудудларидан вакиллар жой олган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидан Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм мутахассиси Рахим Аллашов ҳамда Тўрткўл тумани "Уллубоғ" овули ёшлар етакчиси Нодирбек Алимбаев ушбу мукофотга сазовор бўлган. Андижон вилоятидан Андижон давлат техника институти докторанти Ойбек Тешабоев ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм гуруҳ командири Дониёрбек Хурсанов тақдирланган бўлса, Бухоро вилоятидан 58-халқаро кимё олимпиадаси илмий қўмитаси аъзоси Далер Раҳимов ҳамда ФВВ Фавқулодда вазиятлар маркази катта инспектори Шерали Мустақимов кабилар мукофотланган.
Шу билан бирга, она Ватанимизга меҳри ва садоқати, намунали хулқи ҳамда ватанпарварлик фазилатлари билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ташаббускор ва етакчи ёшлар "Келажак бунёдкори" медали билан мукофотланган. Улар орасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали талабаси Шахзода Азатова, Андижон давлат педагогика институти докторанти Камола Одилжонова, "Bukhara books" хусусий китоб дўконлари тармоғи таъсисчиси Жахонгир Бафоев, Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрожарроҳи Моҳира Жалолова ва "Bolalar akademiyasi" нодавлат таълим муассасаси раҳбари Асал Зиёдова бор.
Бундан ташқари,"Таҳрирчи" сунъий интеллект платформаси асосчиси Муҳаммадсаид Мамасаидов, Божхона институти кафедра ўқитувчиси Зилола Мўйдинова, "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонандаси Сабина Мустаева, "Uzbekistan Airways" АЖ "А-321" ҳаво кемаси учувчиси Фирузжон Сафолов ва Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Лобархон Хужамбердиева ҳам "Келажак бунёдкори" медали билан тақдирланган.

Изоҳлар мавжуд емас