Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ФИФА 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи якунларига кўра, биринчи давранинг энг чиройли 12 та голи номзодларини эълон қилди ва мухлислар ўртасида овоз бериш жараёнини бошлади. Қувонарлиси, ушбу нуфузли рўйхатдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг Конго ДР терма жамоаси дарвозасига киритган голи ҳам жой олган.
ФИФА расмий сайтининг ёзишича, турнирнинг гуруҳ босқичидаги 72 та учрашувда рекорд даражадаги 215 та гол урилган бўлиб, ташкилот улар орасидан энг сара 12 тасини ажратиб олган. Шомуродовнинг голи "Оқ бўрилар"нинг дебют Жаҳон чемпионатидаги энг ёрқин лаҳзаси сифатида эътироф этилган:
" “Оқ бўрилар”нинг Жаҳон чемпионатидаги дебютининг энг гўзал лаҳзаси уларнинг сўнгги учрашувида жамоанинг илҳомлантирувчи сардори томонидан йўлланган ўта аниқ ва нафис дарвозабон устидан ташлаб қўйилган зарба бўлди".
Мухлислар ЖЧ-2026нинг энг чиройли голи (Hyundai Goal of the Tournament) учун ФИФА сайтида 48 соат давомида овоз беришлари мумкин. Овоз бериш ойнаси ёпилгач, ушбу босқич ғолиби эълон қилинади. Кейинги овоз бериш жараёнлари 1/16 финал, 1/8 финал, чорак ва ярим финал ҳамда финал ўйинларидан сўнг давом эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати доирасидаги учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Конго Демократик Республикасига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.
Овоз бериш учун қуйидаги ҳаволага мурожаат қилишингиз мумкин.
Кейинчалик Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Конго Демократик Республикасига имкониятни бой берганидан сўнг кескин баёнот билан чиққанди. Сиёсатчи мағлубиятли ўйиндан кейин футболнинг алоҳида жиҳатларини муҳокама қилиш мазмунсиз эканини таъкидлаб, кўплаб кўрсаткичларга "ноль" баҳо берган эди.

Изоҳлар мавжуд емас