Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Дубайда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари оиласига миграция режимини бузганлик учун жами 7,5 минг долларга яқин жарима тўламасдан БААни тарк этишга рухсат берилди. Бундай қарор Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси ва мамлакатнинг ваколатли органлари ўртасидаги музокаралар натижасида қабул қилинди.
"Дунё" АА хабарига кўра, 25 июнь куни оила бошлиғи Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонасига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи ва фарзанди билан мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолгани ва мустақил равишда ватанига қайта олмаслигини айтган.
Маълумотларга кўра, оила 2025 йил 5 декабрда мавсумий иш излаб Дубайга келган. Бироқ доимий иш жойи топишнинг иложи бўлмаган. Январь ойининг бошида эр-хотин Ўзбекистонга авиачипта сотиб олишган, бироқ рейсга кечикишган.
Шундан сўнг улар тасодифий даромад билан кун кўришар, Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашиши билан эса деярли даромад олиш имкониятидан маҳрум эдилар. Натижада оила турли масжидларда вақтинча яшашга мажбур бўлган.
Шу билан бирга, уларнинг БААда визасиз бўлиш муддати тугаган. Миграция қонунчилигини бузганлик учун оиланинг уч аъзосининг ҳар бирига 9 минг дирҳам, яъни 2,5 минг долларга яқин жарима ҳисобланган. Қарздорликнинг умумий миқдори 27 минг дирҳам ёки тахминан 7,5 минг долларга етган.
Музокаралар натижасида оилага жарима тўламасдан мамлакатни тарк этишга рухсат берилди. Бундан ташқари, Дубай аёллар ва болалар жамғармаси кўмагида эр-хотин ва уларнинг фарзанди учун Дубай-Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилинган. 26 июнь куни улар Ўзбекистонга эсон-омон қайтиб келган.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Болгарияда оғир моддий ва ижтимоий аҳволга тушиб қолган 6 нафар Ўзбекистон фуқароси ўз ватанига қайтарилганди. Репатриация Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги томонидан ташкил этилди.

Изоҳлар мавжуд емас