Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзгидромет" синоптиклари жорий йилнинг июль ойи учун дастлабки об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Унга кўра, ойнинг бошланиши нисбатан салқинроқ бўлса-да, кейинчалик чилла ўз ҳукмини ўтказади ва ўртача ҳарорат меъёрдан 1,5–3 даражагача юқори бўлади. Шунингдек, мутахассислар сўнгги йилларда мамлакатда аномал иссиқ кунлар сони кескин кўпайиб бораётганидан огоҳлантирмоқда.
Ойнинг илк кунлари (1–5 июль) юртимизда об-ҳаво анча қулай бўлиб, кундузи ҳарорат +30...+35 даража, жанубий ҳудудларда эса +36...+39 даража атрофида сақланиб туради. Бироқ биринчи деграданинг охирига келиб ҳарорат кўтарила бошлайди ва кундузги соатларда ҳаво ҳарорати +37...+40 даражагача, жанубда эса +41...+43 даражагача иссиқ бўлади. Кейинчалик, ой якунига қадар ҳарорат асосан +33...+38 даражадан +38...+43 даражагача бўлган оралиқда тебраниб туради, шимолда, чўл ҳудудларида ва жанубнинг баъзи жойларида эса иссиқлик +45 даражагача етиши мумкин. Кечаси эса ҳаво ҳарорати +20...+25 даража, чўл зоналарида +27...+30 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Ёғингарчилик масаласига тўхталадиган бўлсак, июль йилнинг энг қуруқ ойларидан бири бўлиб қолмоқда — бу ойда ёғин миқдори меъёрдан кам бўлади. Фақатгина айрим кунларда, асосан тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ҳамда Фарғона водийсида маҳаллий аҳамиятга эга қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор.
"Ўзгидромет" таҳлилларига кўра, глобал иқлим ўзгариши натижасида Ўзбекистонда иссиқ кунларнинг давомийлиги узайиб бормоқда. Сўнгги ўн йилликдаги (2016–2025 йиллар) барча июль ойлари меъёрдан иссиқроқ бўлган ва уларнинг тўққизтаси кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ўнталикка кирган. Масалан, ўтган 2025 йилнинг июли ҳам рекорд даражада иссиқ келган 2019 йилги кўрсаткичларга жуда яқинлашган. Олимларнинг таъкидлашича, асосий хавф нафақат ҳароратнинг юқорилигида, балки иссиқлик босимининг узоқ вақт давом этишидадир. Охирги йилларда ҳарорат +40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони марказий ҳудудларда 5–12 кунгача, Оролбўйи ва Қизилқум чўлларида эса одатий бўлмаган 15–27 кунгача кўпайган.
Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам иқлим инқирозининг кучайиши сабабли 2030 йилгача сайёрамизда рекорд даражадаги иссиқ йил қайд этилиши деярли муқаррар эканини маълум қилганди. Ҳатто 2027 йилдаёқ глобал ҳарорат рекорди янгиланиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас