Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вазирлар Маҳкамаси ёқилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида аварияларнинг олдини олиш ҳамда инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этишга қаратилган 315-сонли қарорни қабул қилди. Ҳужжат билан соҳада ёнғин, саноат ва экологик хавфсизлик бўйича янги тартиблар жорий этилмоқда.
Олдинроқ идоралараро ишчи гуруҳлар томонидан мамлакатдаги 6 196 та ёқилғи қуйиш шохобчаси хатловдан ўтказилганда жами 46 737 та қоидабузарлик аниқланганди. Уларнинг аксарияти саноат, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўғри келади. Текширувлар давомида 464 та шохобча фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.
Эндиликда қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрга қадар шаҳарсозлик ва хавфсизлик нормаларига жавоб бермайдиган, аҳоли ҳаётига хавф туғдирувчи шохобчаларнинг ягона реестри шакллантирилади ва улар босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчирилади. Кўчирилган тақдирда тадбиркорларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари сақлаб қолинади. Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб хизмат муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган йили номаълум бўлган, юқори босим остида ишлайдиган техник ускуналар элементларидан фойдаланиш 2030 йилгача босқичма-босқич чекланади.
Шунингек, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида (АГТКШ) U-Gas дастури орқали онлайн ҳисобот юритиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Ушбу тизим орқали реал вақт режимида сотилган газ ҳажми назорат қилинади. Шунингдек, Eco-Himoya ва U-Gas платформалари ўзаро интеграция қилиниб, автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг техник кўрик муддати онлайн текширилади. Сентябрь ойига қадар бензин ва дизель сотадиган шохобчаларда ҳам диспенсерлар маълумотларини онлайн тўплаш тизимини яратиш бўйича таклифлар тайёрланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификати бўлмаган муҳандис-техник ходимлар билан ишлаётган шохобчалар фаолияти қонуний тартибда тўхтатилади. Бунинг учун "Лицензия" ахборот тизими ва Ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ) ўзаро интеграция қилинади ва сертификатсиз кадрлар ҳақида назорат органларига автоматлаштирилган сигнал юборилади.
Пропан савдосида ҳам янги чекловлар мавжуд. 2026 йил 1 августдан бошлаб товар-хомашё биржасининг электрон тизими "Лицензия" платформасига уланади. Эндиликда биржада пропан (суюлтирилган газ) харид қилиш учун махсус секциялар ташкил этилади ва унда фақат тегишли лицензияга эга ёки газни сақлаш учун моддий-техник базаси мавжуд бўлган корхоналар иштирок эта олади.

Изоҳлар мавжуд емас