Загрузка
Загрузка
"Фарҳод" автобозорида товламачилик қилган жиноий гуруҳга суд ҳукми ўқилди
Ҳодисалар

"Фарҳод" автобозорида товламачилик қилган жиноий гуруҳга суд ҳукми ўқилди

22
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳридаги "Фарҳод" автомобил эҳтиёт қисмлари бозори ҳудудида фуқароларни қўрқитиб, улардан катта миқдордаги маблағларни товламачилик йўли билан ундириб келган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида бўлиб ўтган мажлисда 14 нафар судланувчи айбдор деб топилди. 

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ушбу гуруҳнинг жиноий фаолиятига чек қўйилган эди. Маълум бўлишича, гуруҳнинг асосий аъзоларини Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган, муқаддам жиноят содир этиб судланган шахслар ташкил қилган. Улар бозорга келган ҳайдовчиларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ёки тўғридан-тўғри босим ўтказиш орқали пул ундиришнинг бир нечта йўлларини ўйлаб топишган.

Хусусан, жиноятчилар машина эгасининг рухсатисиз автомобилга турли мосламаларни ўрнатиб, бозор баҳоси 600 доллар бўлган хизмат учун таҳдид йўли билан 13 300 доллар талаб қилишган. Кимдир бунга эътироз билдирса, қўрқитиш ва пўписаларга ўтишган. Бошқа бир ҳолатда эса ҳайдовчининг розилигисиз машинага эҳтиёт қисмлар қўйиб, нархини уч баробар қиммат айтишган ва машина калитини олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали фуқародан 15 миллион сўм ундиришган. Шунингдек, улар яна икки нафар мижозни қўшимча жиҳозлар ўрнатиб беришга ишонтириб, 70 миллион сўм пулини олишган ва ваъда қилинган ишни бажармасдан юришган.

Суд мазкур шахсларнинг қилмишларини атрофлича ўрганиб чиқиб, уларни Жиноят кодексининг товламачилик ва фирибгарлик моддалари билан айбдор деб топган. Гуруҳ аъзоларига содир этган қилмишларига яраша 3 йилдан 6,5 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчиларнинг айримлари муқаддам жиноят содир этгани (рецидив бўлгани) сабабли жазони қаттиқ тартибли колонияларда, қолганлари эса умумий тартибдаги колонияларда ўташи белгиланган.

 

 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...